http://prod1.cnmi_ca.iostructure.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/10/03/feature-02
| Жамият

Қирғиз ҳуқуқшуноси фуқаросизликка қарши кураши учун БМТ мукофотига сазовор бўлди

Карвонсарой ва AFP

Шаҳар маркази бўйлаб сайр қилаётган бишкекликлар, 31 август. Қирғизистонлик адвокат Азизбек Ашуров Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан фуқаролигини йўқотган 10 мингдан ортиқ одамга қирғиз фуқаролигини олишда ёрдам берган, дейилади БМТнинг Қочқинлар агентлиги баёнотида. [Мелисовский]

ЖЕНЕВА, Швейцария – Қирғизистонда фуқаролиги бўлмаган шахслар муаммосига барҳам бериш йўлида курашган инсон ҳуқуқлари адвокати чоршанба (2 октябрь) куни БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлигининг (UNHCR) нуфузли Нансен мукофотини қўлга киритди.

Азизбек Ашуровга ўзининг «Фарғона водийси чегара билмас адвокатлари» ташкилоти билан бирга, Қирғизистонга фуқаролиги бўлмаган шахслар муаммосига чек қўйган биринчи мамлакат бўлишга ёрдам бергани учун БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг олқишига сазовор бўлган.

У 1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганиши ортидан фуқаролиги бўлмаган шахс мақомида қолган ўн минг кишига Қирғизистон фуқаролигини олишга ёрдамлашган, дейилади ташкилот баёнотида.

«Адолатсизликни кўрганимда жим туролмайман», дейди Ашуров ўз баёнотида. «Фуқаросизлик эса адолатсизликдир.»

«Фуқаролиги йўқ шахсни ҳеч қайси давлат тан олмайди», деди у. «Улар бамисоли кўланкадирлар. Улар жисмонан бор бўлса-да, қоғозда мавжуд эмаслар.»

Ашуров ўз мукофотини келгуси душанба (7 октябрь) куни Женевада бўлиб ўтадиган маросимда қабул қилиб олади.

Қочқинлар бўйича БМТ олий комиссарлигининг маълум қилишича, Азизовнинг саъй-ҳаракатлари билан 2000 га яқин бола таълим олиш ҳуқуқига эга бўлди ва келажакда саёҳат қилиш, турмуш қуриш ва ишлаш имкониятини қўлга киритди.

«Азизбек Ашуровнинг ҳикояси – шахсий жасорат ва қатъият ҳикоясидир», дейди БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича Олий комиссари Филиппо Гранди ўз баёнотида.

«Унинг Қирғизистонда фуқаросизлик муаммосига барҳам бериш ишига содиқлиги ... бу инсоннинг жамоавий ҳаракатларни руҳлантириш ва сафарбар эта олиш қобилиятининг ёрқин намунасидир», деб қўшимча қилди у.

Ашуров Ўзбекистондан келган оиласининг Қирғизистон фуқаролигини олиш учун олиб борган курашидан илҳомланган.

Танглик

Собиқ Совет республикаларида ички чегара назорати йўқ эди, уларнинг фуқаролари Марказий Осиёни бўйлаб фақат ички ҳужжатлар билан ҳаракатланар эдилар.

1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг, «талайгина одамлар кўп ҳолларда яроқсиз совет паспортлари билан ёки қаерда туғилганликларини исботлаш имкониятисиз, янгидан белгиланган чегаралар орасида мақомсиз қолиб кетдилар», деб таъкидлаган БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги.

Тартибсизликлар натижасида минтақада, жумладан Қирғизистонда юз минглаб одамлар фуқароликсиз қолишган.

Собиқ Совет иттифоқида ушбу муаммо номутаносиб равишда аёлларга таъсир кўрсатди, сабаби улар кўпроқ турмуш қурар эдилар. Наслдан наслга ўтувчи фуқаролик тўғрисидаги қонунлар туфайли фуқаросизлик уларнинг фарзандларига ҳам мерос бўлиб ўтарди, дейди БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги.

Ашуров мамлакат жанубидаги фуқаролиги бўлмаган ва ҳужжатсиз шахсларга бепул юридик маслаҳат ва ёрдам кўрсатишда 2003 йилда асос солинган «Фарғона водийси чегара билмас адвокатлари» ташкилотига ёрдам берган.

У мазкур ташкилот билан ҳимоясиз ва ижтимоий маргиналлашган гуруҳларни топиш учун мобил юридик жамоалар тузиб, мамлакат жанубининг чекка ҳудудларига борди, баъзи жойларни отларда кезиб чиқишга тўғри келди.

Ҳар йили тақдим этиладиган Нансен мукофоти амалга ошмаган Миллатлар Лигаси даврида қочқинлар бўйича илк олий комиссар сифатида ишлаган норвегиялик қутбчи олим Фритоф Нансен шарафига таъсис этилган.

Ўтган йили бу мукофотга Жанубий суданлик шифокор Эван Атар Адаҳа лойиқ кўрилган, у Мовий Нил штатидан келган қочқинларга тўла касалхона раҳбари ҳисобланади.

Фуқаросизлик мушкулотлари

БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлигининг маълум қилишича, бутун дунёда миллионлаб одамлар азият чекаётган фуқаросизлик ўз қурбонларини сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан маргинал ҳолатга келтириб, кўп ҳолларда камситиладиган ҳамда эксплуатация ва зўравонлик олдида заиф қатламга айлантиради.

Экстремизмга ёлловчилар бундай қийинчиликларга дучор бўлганларнинг умидсизлиги ва ғазабларидан фойдаланишлари маълум.

Шундай бўлса-да, экстремизм ёки терроризм тарафига ўтган қирғизларга фуқароликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин.

Жорий йилда Қирғизистонда терроризм, давлатга хиёнат ёки айирмачиликда айбланиб судланганларни фуқароликдан маҳрум қилишни кўзда тутувчи қонун қабул қилинган.

Қонунга кўра, фуқароликдан маҳрум қилишга сабаб бўлувчи жиноятлар сирасига террорчилик фаолиятини амалга ошириш ёки молиялаштириш, террорчилик машғулотларида иштирок этиш, чет элдаги қуролли можароларда қатнашиш, давлатга хиёнат, ҳукуматни ағдаришга уриниш, экстремистик ташкилот тузиш ва ёлланма фаолият киради.

Жиноятчиларга қамоқ муддати белгилаш ва фуқароликдан маҳрум қилиш масаласини судлар ҳал қилади. Қўш фуқароликка эга бўлмаган шахс фуқароликсиз қолиши мумкин.

Бундан бир ойча олдин Қирғизистон расмийлари жангарига айланиб, Сурия ва Ироқда қўлга олинган ёки ўлдирилган фуқароларнинг оилаларини ватанига қайтариш устида иш олиб борилаётганини маълум қилган эдилар.

Сизга мақола ёқдими?
0
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha